1. Стандарт созлаш
Гитарани турли хил қилиб созлаш мумкин. Энг кенг тарқалган созлаш стандарт созлаш деб аталади. Бу созлашда симлар энг ингичка симдан энг йўғон симга қараб қуйидагича созланади:
E – B – G – D – A – E (ми – си – соль – ре – ля – ми)
Бу саҳифада асосан стандарт созлаш ҳақида сўз юритилади. Гитара созлашда одатда аввал торларни бўшатиб олиб, кейин „пастдан юқорига“ созлаш керак, чунки торни аввал қаттиқ таранг қилиб, кейин бўшатсангиз, асбобни чалаётганингизда торлар қулоқларни бурамасангиз ҳам озгина бўшаши мумкин. Бу эса гитара созини бузади.
2. Камертон ёрдамида созлаш
Камертон чолғу асбобларини созлашда ишлатиладиган кичик асбоб бўлиб, товуш баландлиги эталони ўлароқ хизмат қилади. Камертонларнинг икки хили бўлади: хроматик, яъни октаванинг барча 12 ярим тонини ўзида жамлаган ҳамда A (ля), яъни фақатгина биринчи октаванинг A (ля) нотасини чиқарувчи камертон.
A (ля) камертони ёрдамида созлаш учун 1-, яъни энг ингичка торни 5-пардада босамиз ва унинг товуши камертон товуши билан бир хил бўлгунига қадар торнинг қулоғини тегишли йўналишда бураймиз. Бошида икки товушнинг унисон, яъни бир хил баландликда эканлигини англаш қийин бўлиши мумкин, лекин вақт ўтиши билан буни ўрганиб оласиз.
Энди навбатдаги торларни созлаймиз. 2-торни 5-пардада босганда унинг баландлиги очиқ чалинган 1-торнинг баландлиги билан бир хил бўлиши керак. 3-тор эса 4-пардада босилганда очиқ чалинган 2-тор билан бир хил баландликка эга бўлиши керак. 4-, 5-, 6-торлар эса 5-пардада босилганда ўзидан битта пастдаги торни очиқ чалганда чиқадиган товушга мос баландликда бўлиши керак.
3. Бошқа чолғу асбоби ёрдамида созлаш
Гитарани бошқа чолғу асбоблар, масалан, фортепиано ёки аккордеон ёрдамида ҳам созлаш мумкин. Шу ўринда айтиш жоизки, гитара транспозиция қилинадиган асбобдир. Яъни, гитара учун мўлжалланган мусиқа асарлари нота ёзувида аслидан бир октава юқорироқ ёзилади. Бундан мақсад нота ёзувида қўшмича чизиқлар учун бўлган эҳтиёжни йўқ қилишдир. Қуйидаги расмда гитаранинг асл товуш баландлиги келтирилган.

Гитарани транспозицияга амал қилиб созлайдиган бўлсак, асбобнинг 1-торини очиқ чалганда 2-октаванинг E (ми) нотасига мос келадиган қилиб созлаш керак. (Абсолют баландликда бу 1-октаванинг E (ми) нотасидир). 2-торни эса 1-октаванинг B (си) нотасига, 3-торни 1-октаванинг G (сол) нотасига, 4-торни 1-октаванинг D (ре) нотасига, 5-торни кичик октаванинг A (ля) нотасига, 6-торни эса кичик октаванинг E (ми) нотасига мос қилиб созлаш керак
4. Ҳуштак камертон ёрдамида созлаш
Ҳуштак камертон ҳам оддий камертон сингари товуш баландлиги эталони вазифасини ўтайди. Бирор торни созлаш учун ҳуштакнинг унга мос келувчи қисмини чалиш, тор ва ҳуштакнинг баландлиги бир хил бўлгунига қадар гитаранинг тегишли қулоғини бураш керак.
5. Электрон созлагичлар
Ҳозирги кунда электрон созлагичлар ёки тюнерлар кенг тарқалган бўлиб, улар гитара созлашни анча осонлаштиради. Электрон созлагич торларни бўшатиш ёки тортиш кераклигини кўрсатиб туради. Айрим гитараларнинг ўзига ўрнатилган созлагичи бўлади.
6. Онлайн созлагичлар
Ҳозирги кунда гитарани осонликча созлаш имконини берувчи бепул онлайн созлагичлар бор. Уларнинг айримлари компьютер микрофони орқали торларнинг баландлигини ўлчаса, айримлари шунчаки ҳар бир торнинг товушини чиқариб беради. Фойдали линклар саҳифасида онлайн созлагичларга линкларни топасиз.
7. Мобил қурилмалар иловалари
Android ва iOS операцион тизимларида ишлайдиган қурилмалар учун ҳам созлагичлар яратилган. Бундай иловалар мобил қурилма микрофони орқали торларнинг баландлигини ўлчаб, уларни аниқ созлаш имконини беради. Ҳозирга кунда деярли ҳар бир инсонда ўз мобил қурилмаси бўлгани учун созлагич иловалар жуда оммалашди. Фойдали линклар саҳифасида бундай иловаларнинг айримларига линклар берилган.
8. Бошқа созлаш турлари
Стандард созлашдан бошқа созлаш турлари ҳам кенг тарқалган. Масалан, гитаранинг барча торини ярим тон пастлатиб созлаш ёки бутун тон пастлатиб созлаш кенг тарқалган. Шунингдек, пастлатилган D (ре) созлаш ҳам кенг қўлланилади, айниқса метал жанридаги асарларда
Ярим тон пастлатиб созлаш
Гитарани ярим тон пастлатиб созлаш учун стандарт созланган гитаранинг ҳар бир торини ярим тонга пастлатамиз. Натижада асбоб торларини очиқ чалганда қуйида товушлар чиқади:
E♭ – B♭ – G♭ – D♭ – A♭ – E♭
(ми-бемоль – си-бемоль – соль-бемоль – ре-бемоль – ля-бемоль – ми-бемоль)
Болалар гуруҳининг Натали Имрулья ижросидаги «Torn» ашуласига кавери – «Соғиндим ишон» ашуласи ярим тон пастлатиб созланган гитарада ижро этилган:
Бутун тон пастлатиб созлаш
Гитарани бутун тон пастлатиб созлаш учун эса ҳар бир торни бит бутун тонга пастлатамиз. Натижада асбоб торларини очиқ чалганда қуйида товушлар чиқади:
D – A – F – C – G – D (ре – ля – фа – до – соль – ре)
Болалар гуруҳи ижросидаги «Бўлди хато» ашуласи бутун тон пастлатиб созланган гитарада ижро этилган:
Шу ўринда гитарада исталган аккордни чалиш мумкин, шундай экан торларни пастлатиб созлашдан нима фойда, деган савол туғилиши мумкин. Бунинг сабаби кўп. Масалан, ярим ёки бир тон пастлатилган торлар юмшоқроқ бўлади ва уларни чалиш осонлашади. Шунингдек, гитарани пастлатиб созлаш асбобга бошқачароқ овоз бағишлайди. Хусусан, металл жанрида агрессив товушлар чиқариш учун гитаралар пастлатиб созланади. Ниҳоят, гитарани пастлатиб созлаш очиқ аккордларни бошқа тоналликда ижро этиш имконини беради.
Пастлатилган D (ре) созлаш
Стандард созлашдан бошқа созлаш турлари ҳам кенг тарқалган. Масалан, пастлатилган D (ре) созлаш (инглизча drop D tuning) ҳам кенг тарқалган бўлиб, 6-, яъни энг йўғон торни бир тон пастлатамиз. Бошқача қилиб айтганда, 6 торни E (ми) эмас, балки D (ре) нотасига созлаймиз
Ушбу созлашдан ҳеавй метал жанрида кенг қўлланилади. Стандарт созланган гитара созини ўзгартирмасдан 6-торда D (ре) нотасини чалиш мумкин бўлган махсус дастали гитаралар ҳам яратилган.