1. Медиатор билан чертиш
Гитара торларини медиатор ёки бармоқлар билан чертиш мумкин. Медиатор ёрдамида соло чалиш, аккордларни зарб билан, яъни муайян торларни алоҳида-алоҳида эмас, балки аккорднинг барча ноталарини бирданига чалиш мумкин. Медиаторнинг яхши жиҳати, у билан чалинган оҳанглар жарангдор чиқади, узоқ пайт гитара чалсангиз ҳам ўнг қўл бармоқлари толиқмайди ёки шикастланмайди.
Аммо нейлон торли классик гитараларни одатда бармоқ билан чертишади. Мураккаб арпеджиоларни медиатор билан чертиб бўлмайди, сабаби медиатор ёрдамида бир-бирига яқин бўлмаган торларни бир вақтда чалишнинг иложи йўқ.
Медиаторни ушлаш
Медиаторни кўрсаткич бармоқ ҳамда бош бармоқ билан ушлаймиз. Чалаётиб медиаторни тўғри ушлаш керак: унинг учигина торларга тегиши керак. Чап қўлингиз билан ўрганган аккордларингиздан бирини ушлаб, ўнг қўлингиз билан медиатор ёрдамида торларни юқоридан, яъни энг йўғон тордан пастга, яъни энг ингичка торга қараб бирма-бир чалинг.
Чертаётганда ўнг қўлингизни бўш ушланг. Медиатор торларга енгил тегса бас. Акс ҳолда, бир тордан кейингисига ўтиш қийин бўлади.
Бунинг ортидан бирор аккордни баландроқ, тезроқ чалишга ҳаракат қилинг. Медиатор билан йўғон симдан ингичка симга қараб зарб беринг. Торларнинг овози жарангдор чиқсин. Агар бирор сим бўғилаётган бўлса, чап қўлингиз билан уни қаттиқроқ босинг.
Юқоридан пастга зарб беришни ўзлаштириб олганингиздан кейин, ўнг қўл билан чалишда давом этинг, чап қўл билан эса ўрганган аккордларингизни кетма-кет чалиб кўринг, Масалам, Em – G – C – D. (Бу Em (ми минор) тоналлиги аккордларини i – III – VI – VII кетма-кетлигида чалишга мос келади. Бу ҳақда Аккорд кетма-кетликлари саҳифасида батафсил маълумот берилган.)
Торларни бирдек пастга чалишни ўрганганингиздан кейин, уларни пастдан юқорига чалиб кўринг. Торларни пастга ҳам, юқорига ҳам чалганда бирдек баландликда товуш чиқаришни машқ қилинг. Тез зарбларни чалишда торларни ҳам пастга, ҳам юқорига қараб чертиш қўл келади. Қуйида кенг тарқалган зарб турлари билан танишишингиз мумкин.
2. Бармоқлар билан чертиш
Гитарани нафақат медиатор билан, балки бармоқлар билан ҳам чалиш мумкин. Аслида классик гитара фақат бармоқлар билан чертилади. Бармоқлар билан чалиш учун ўнг қўл тирноқларини 2–3 мм ўстириш тавсия қилинади. Торларни одатда ҳам тирноқлар, ҳам бармоқ учлари билан чертишади. Айрим гитарачилар ўнг қўл тирноқларини ҳам чап қўлникидай қисқа қилиб олиб ташлашади ва торларни фақатгина бармоқларининг учи билан чертишади. Бу осонроқ бўлсада, мазкур йўл билан чалинган торларнинг овози унча жарангдор бўлмайди.
Ўнг қўлни тўғри ушлаш
Бармоқлар билан чертаётганда ўнг қўлни ёйсимон шаклда – худди қўл билан кичик копток ёки бейсбол битасини ушлагандек тутишимиз керак. Яъни, кафтнинг ўртаси торлардан узоқроқда туриши керак. Шунингдек, билакни ҳам гитара қорнидан узоқроқда, ёйсимон ҳолатда ушлаш керак. Қолаверса, ўнг қўл панжаларини торларга имкон қадар перпендикуляр ҳолатда ушлаш керак. Бу торларни чертишни осонлаштиради.
Торларни бевосита чертаётганда эса панжаларни уларнинг асосидаги бўғиндан бошлаб эгиш керак. Фақат кичик бўғинларни ишга солиш кўп учрайдиган хато бўлиб, торлар овози паст ва қуруқ бўлишига олиб келади.
Энди ўнг қўл бармоқлари билан торларни чертиб кўринг. Аввал 1-, 2- ва 3- торларни мос равишда номсиз, ўрта ва кўрсаткич бармоқлар билан бирданига чертиб кўринг. Чертгандан кейин қўлингиз қисман ёпилган мушт ҳолатига келади. Энди эса барча бармоқлар, жумладан, бош бармоқ (6- ёки 5-торда) ёрдамида торларни чертинг. Шу ўринда айтиш жоизки, торларни чертиб бўлгандан кейин, кўрсаткич бармоқ бош бармоқ ичида бўлиши керак.
Бармоқлар билан чертиш услублари
Бармоқлар билан чертишнинг икки кенг тури мавжуд. Булар териб чертиш (инглизча fingerpicking) ҳамда фингерстайл (инглизча fingerstyle) услубларидир. Қуйида ушбу икки услуб билан яқиндан танишиб чиқамиз.
Териб чертиш шунчаки аккордларни ёки содда арпеджиоларни ўнг қўл бармоқлари билан териб чертишдир. Териб чертганда ҳам ритмга қўшимча тарзда мелодия ижро этилиши мумкин, аммо мазкур услуб билан одатда вокал аккомпанемент ижро этилади. Болалар гуруҳининг илк ашуласи бўлмиш «Мактаб вальси/Школьный вальс» қўшиғида ўнг қўл билан нисбатан содда оҳанг чалинган.
Фингерстайл услубида эса бир гитарачи бир вақтнинг ўзида соло, ритм ва бас партияларини ижро этади. Фингерстайл ижрочи аккорд, арпеджио, флажолет, хаммер-он ва пулл-офф ижро этиши, гитара қорнини зарб билан уриб чалиши ва бошқа услублардан фойдаланиши мумкин. Фингерстайл асарлар одатда вокал аккомпанементсиз ижро этилади.
Гитарани нохун билан ҳам чалиш мумкин. Нохун гитара, банжо, Марказий Осиёда эса танбур, сато ва доира чалишда ишлатиладиган махсус мосламадир. Нохунлар пўлат торли гитарани бармоқлар билан чалишда қўл келади.
Бармоқларнинг номланиши
Бармоқлар билан чертиш акс этган нота ёзувида ўнг қўл бармоқларининг стандарт номлари ишлатилади. Бу номлар ўнг қўл бармоқларининг испанча номларидан олинган ва қуйидагичадир:
- p – бош бармоқ (испанча pulgar)
- i – кўрсаткич бармоқ (испанча indice)
- m – ўрта бармоқ (испанча medio)
- a – номсиз бармоқ (испанча anular)
Стандарт позицияда бош бармоқ 6-торга (йўғон E (ми) торига) қўйилади. Кўрсаткич, ўрта ва номсиз бармоқ эса 3-, 2- ва 1- торларга (G (соль), B (си) ва E (ми) торларига) қўйилади. Ушбу умумий позициядакўрсаткич, ўрта ва номсиз бармоқлар билан ингичка торларни, бош бармоқ билан эса бас торларни чертамиз.
Этюдлар
Бармоқлар билан чертишни ўрганиш учун этюдлар чалишни тавсия қиламан. Этюд бу – чолғу ижрочиси малакасини оширишга мўлжалланган асар. Қуйида Жонатан Адамснинг Getting into Fingerstyle Guitar китобидан олинган ажойиб этюдлар табулатура шаклида, аудиоёзувлари билан бирга келтирилган. Уларнинг барчасини i, m, a ва p pанжалари билан ижро этамиз. Торларни чап қўлнинг қайси панжалари билан босиш кераклиги рақамлар билан кўрсатилган.
Этюд #1
Этюд #2
Этюд #3
Этюд #4
Этюд #5
Этюд #6
3. Зарб
Гитарада гармония ижро этишда зарб (русча бой) жуда муҳим ўрин тутади. Зарб бу гитара ижро этиш услубларининг бири бўлиб, унда ёнма-ён жойлашган муайян торларни ёки барча торни зарб билан чертамиз. Зарб чалганда асбобдан чиройли ва ёқимли товуш чиқариш учун ўнг қўлни бўш ушлаш керак. Зарбни гитара қорин тешиги устида чалиш «йўғонроқ» товуш чиқарса, харакка яқин ерда чалиш «ингичкароқ», жарангдор товуш чиқаради. Гитарада зарбни ҳам медиатор билан, ҳам бармоқлар билан чертиш мумкин.
Гитарада зарб чалаётганда нималарга эътибор бериш керак? Биринчи ўринда, зарбни «ҳис қила билиш» керак. Зарбнинг вазифаси барқарор ритм яратишдир. Шундай экан, зарбни чалишдан олдин уни хаёлингизга тасаввур қила олишингиз керак.
Шунингдек, зарб чалаётганда ўнг қўл билагини бўш тутиш керак. Торларни асосан қўлнинг пастки қисмини ҳаракатлантириб чаламиз. Табиийки, зарб чалаётганда тирсакни ҳам ишга соламиз, аммо асосий ҳаракат билакларда бўлиши керак.
Амал қилишимиз керак яна бир қоида: зарбнинг бирор ҳиссасида тор чалинмаса ҳам, ўнг қўл тинимсиз ҳаракатланиши керак. Бу зарб чалаётган қўл ҳақида ўйлаб ўтирмаслигимизни таъминлайди. Шунингдек, зарб чалаётган қўлни мунтазам ҳаракатлантириш ритмни бирдек чалишни осонлаштиради
4. Зарб услублари
Зарб чалишнинг жуда кўп услуби мавжуд бўлиб, мазкур бўлимда уларнинг айрим кенг тарқалган турларига тўхталиб ўтамиз. Ушбу нисбатан осон зарбларни ўрганиб олганингиздан кейин, мураккаброқ зарбларни чалишни ўрганишингиз мумкин бўлади.
Бошида эшитган асарингиз зарбини дарҳол чала олмаслигингиз мумкин. Аммо тажрибангиз ошганидан кейин, эшитган деярли ҳар қандай зарбни чала оладиган бўласиз. Зарб ва зарб услублари ҳақида ўрганар экансиз, мусиқий метр ва ритм тушунчалари билан танишиб чиқишни тавсия қиламан.
Юқорига ва пастга зарб чалишни турли белгилар билан ифодалаш мумкин. Масалан, пастга чертишни ↓ белгиси билан, юқорига чертишни эса ↑ белгиси билан ифодалаш мумкин. Ёки пастга чертиш d (инглизча down сўзидан олинган), юқорига чертиш u (инглизча up сўзидан олинган) билан ифодаланиши мумкин. Анъанавий нота ёзувида ва Guitar Pro дастурида эса пастга зарб П белгиси билан, юқорига зарб эса V белгиси билан ифодаланади.
Қуйида беш содда зарб услуби берилган. Уларнинг барчаси 4/4 ўлчовидадир. Қисқа қилиб айтганда, 4/4 бу ҳар бир такт тўрт зарбдан иборат, дегани. Ўлчов ҳақида Нота ёзуви ва теория саҳифасида батафсил маълумот берилган
Зарб услуби #1
Ушбу зарб жуда содда бўлиб, тактнинг ҳар бир ҳиссасида торларни бир марта пастга чертамиз. Зарбни чап қўлингиз билан ўзингиз билган аккордни ушлаган ҳолда чертиб кўринг. Бу ердаги мисолда C (до мажор) аккорди келтирилган
Зарб услуби #2
Торларни пастга чертишни машқ қилганимиздан кейин, зарб ҳақида умумий тушунчага эга бўласиз. Энди торларни юқорига чертиш ҳам талаб қилинувчи зарбни кўриб чиқсак. Қуйидаги мисолда торларни икки марта юқорига чертамиз.
Зарб услуби #3
Навбатдаги зарбда эса торларни уч марта юқорига чертамиз. Биринчи ҳиссани фақат пастга чертамиз. Иккинчи, учинчи ва тўртинчи ҳиссада эса торларни бир марта пастга, бир марта юқорига чертамиз.
Зарб услуби #4
Навбатдаги зарбда пастга ва юқорига чертишлар сони бир хил. Шу ўринда айтиш жоизки, торларни пастга чертиш одатда кучли ҳисса, юқорига чертиш эса кучсиз ҳиссага мос тушади. Ҳиссалар ҳақида Нота ёзуви ва теория саҳифасида батафсил маълумот берилган
Зарб услуби #5
Зарб чалишда керак бўладиган яна бир нарса бирор ҳиссада зарбни ўтказиб юборишдир. Яъни, муайян ҳиссада ўнг қўл ҳаракатланишда давом этади, аммо торларни чертмайди. Қуйидаги зарбда бунга мисол келтирилган.
Тажрибали гитарачилар зарб ижро этаётганда кучли ва кучсиз ҳиссаларни ва торларни неча марта юқорига, неча марта пастга чертишни санаб ўтирмайдилар. Машқ қилишда ва турли зарбларни ижро этишда давом этар экансиз, сиз ҳам зарбларни «ҳис қила» бошлайсиз ва ҳар қандай зарбни эшитишингиз билан ижро эта оладиган бўласиз.
Ҳақиқий ашулалардаги ритмларни чалиб кўришни истасангиз, Видеодарслар саҳифасидаги ашулаларни чалиб кўриб. Ҳар бир видеода тегишли ашуланинг ритмни батафсил кўрсатилган. Қолаверса, Табулатура саҳифасида ўзбекча ашулаларнинг тўлиқ табулатуралари келтирган бўлиб, улар ёрдамида ашула ритмини чалишни осонликча ўзлаштиришингиз мумкин.