1. Гамма нима?

Рубобим тори иккидур:
Бири қувноқ, бири маҳзун,
Ки байтим сатри иккидур:
Бири дилхуш, бири дилхун.

Эркин Воҳидов
«Рубобим тори иккидур...»

Мусиқада гаммалар (инглизча scale тушунчасига мос келади) жуда муҳим ўрин тутади. Мусиқа басталашда, мусиқа назариясини ўрганишда, мусиқани англашда, аккорд ва аккордлар зиналари ёки кетма-кетликларини тузишда ҳамда соло чалиш ва импровизация қилишда гаммаларга таянамиз.

Гаммани муайян ноталарнинг октава орасидаги тартиби, дея таърифлаш мумкин. Қобилжон Усмонов ўзининг «Бошланғич рубоб дарслиги» китобида (Тошкент, 1975; 1995 йил қайта нашр қилинган) қуйидагича таъриф беради: «Маълум тартибда юқорилашувчи ёки пастловчи товуш қаторларига гамма дейилади. Гаммадаги товушларнинг юқорилаб бориши кўтарилаётган гамма дейилади. ... Гаммадаги товушларнинг пастлашиб бориши эса пастлашаётган гамма дейилади».

Темперациядаги барча 12 поғонани ўзида жамлаган гаммани хроматик гамма деб атаймиз. Агар гитара дастасида исталган нотани чалиб, кейинги октаванинг ўша нотасигача бўлган оралиқдаги ҳар бир нотани чалсангиз, хроматик гаммани ижро этган бўласиз. Масалан, 6-торда очиқ E (ми) нотасини чалиб, ҳар бир пардани бирма-бир 12-пардадаги E (ми) нотасигача чалсангиз, хроматик гаммани ижро этган бўласиз. Диезлар ёрдамида ёзилган C (до) хроматик гаммаси қуйидагичадир:

C – C# – D – D# – E – F – F# – G – G# – A – A # – B

Бемоллар билан ёзилган C (до) хроматик гамма эса қуйидагичадир:

C – D♭ – D – E♭ – E – F – G♭ – G – A♭ – A – B♭ – B

Хроматик гамма асосида одатда куй чалинмайди. Шундай бўлсада, бошқа кенг тарқалган гаммалар хроматик гамма асосида тузилади, шунинг учун бу гаммани яхши англаб етиш муҳим.

Масалан, диатоник гамма етти товушли гамма бўлиб, ундаги товушларнинг барчасини соф квинта ва/ёки кварталар бўйлаб жойлаштириш мумкин. Диатоник гаммада ҳар бир октавада бешта бутун ва иккита ярим тон бўлади. Еттита кетма-кет табиий нотадан тузилган ҳар қандай товушқатор, масалан, C – D – E – F – G – A – B диатоник гамма бўлади. Кўриб турганингиздек, диатоник гамма хроматик гамма асосида тузилади. Қуйида табиий (натурал) мажор ва табиий минор гаммалари ҳақида сўз юритилади. Улар диатоник гаммаларга мисол бўла олади.

Гаммадаги товушларни босқичлар (поғоналар) ўлароқ белгилаш кенг тарқалган. Бу жуда оддий бўлиб, гамманинг биринчи товуши I, иккинчи товуши II ва ҳоказо деб белгиланади. Саккизинчи товуш яна I билан белгиланади, чунки саккизинчи товуш илк товушдан бир октава масофада бўлиб, шу товушдан гамма яна қайталана бошлайди. Гамманинг биринчи босқичи унинг тоникаси деб талади.

Куй басталашда ва ижро этишда турли хил гаммалардан фойдаланилади. Булар орасида мажор ва минор гаммалар энг кенг тарқалган, десак муболаға бўлмайди. Қуйида айрим кенг тарқалган гамма турлари билан танишишингиз мумкин. Бошланғич ўрганувчиларга табиий мажор ва табиий минор гаммаларни ўрганишдан бошлашни тавсия қиламан.

Гамма тузишнинг турли услублари бор. Энг кенг тарқалган услублардан бири ярим ва бутун тонлар формулаларига таянади. Юқорида ёзилганидек, гитара темперацияланган асбоб бўлиб, унда ярим тон – бир парда, бутун тон эса икки парда масофага мос келади

2. Мажор гаммалари

Табиий (натурал) мажор гаммаси бутун ва ярим тонлардан иборат қуйидаги формула бўйича тузилади:

бутун, бутун, ярим, бутун, бутун, бутун, ярим

(1 тон, 1 тон, 0,5 тон, 1 тон, 1 тон, 1 тон, 0,5 тон)

Буни Б – Б – Я – Б – Б – Б – Я дея ифодаласак, эслаб қолишимиз осон бўлади. Инглизча бу формула W – W – H – W – W – W – H шаклида маълум, чунки W = whole step (бутун тон), H = half step (ярим тон).

Келинг, C (до) мажор гаммасини тузамиз. Бешинчи (очиқ чалганда A (ля) нотасига созланган) торда C (до) мажор гаммасини қуйидагича ижро этамиз: 3-пардада C (До) нотасини чаламиз. Сўнгра бир бутун тон (икки парда) силжиб, D (ре) нотасини чаламиз. Яна бутун тон (2 парда) силжиб, E (ми) нотасини чаламиз. Бунинг ортидан ярим тон (бир парда) силжиб, F (фа) нотасини чаламиз. Сўнгра бутун тон силжиб, G (соль), яна бутун тон силжиб A (ля), яна бутун тон силжиб B (си) ва, ниҳоят, ярим тон силжиб C (до) нотасини чаламиз. Яъни, C (до) мажор гаммаси қуйидаги ноталардан иборат: C – D – E – F – G – A – B – C (до – ре – ми – фа – соль – ля – си – до).

Ҳаммага ёд бўлиб кетган до – ре – ми – фа – соль – ля – си – до гаммаси мажор гаммалар формуласини эслаб қолишни осонлаштиради, чунки E (ми) ва F (фа) ҳамда B (си) ва D (до) ўртасида диез/бемоль йўқлигини билганимиз учун до – ре – ми – фа – соль – ля – си – до гаммасидан Б – Б – Я – Б – Б – Б – Я формуласини осонликча чиқариб оламиз.

Гаммани фақат бир торда эмас, бир неча торда чалиш ҳам мумкин. Аксар ҳолатларда шундай қилган маъқул, чунки бир торда гамма чалиш учун чап қўлни узоқ масофага силжитиш керак. Масалан, C (до) мажор гаммасини 5-торнинг 3-пардасида, яъни С (до) нотасидан бошлаб, қуйидагича чалиш мумкин: бир бутун тон (икки парда) силжиб, В (ре) нотасини чаламиз. Сўнгра 4-торнинг 2-пардасида E (ми) нотасини чаламиз. Бунинг ортидан ярим тон (бир парда) силжиб, F (фа) нотасини чаламиз. Айни торда бутун тон силжиб, G (соль) нотасини чаламиз. Кейин эса 3-торнинг 2-пардасида A (ля) нотасини чаламиз. Яна бутун тон силжиб, B (си) нотасини чаламиз. Ниҳоят, ярим тон силжиб, C (Д) нотасини чалиб, 1 октавага чўзилган C (до) табиий мажор гаммасини якунлаймиз.

Гаммани бир октавада эмас, бир неча октавада чалишимиз ҳам мумкин. Бунинг учун йўғон торлардан бошлаб, ингичка торларга қараб юқорида кўрсатилган расмлардагидек керакли ноталарни чаламиз. Қуйидаги расмда гитарада C (до) мажор гаммасини чалишнинг барча йўллари берилган.

Б – Б – Я – Б – Б – Б – Я (W – W – H – W – W – W – H) формуласи ёрдамида исталган пардадан бошлаб табиий мажор гаммасини тузиш мумкин. Масалан, A (ля) мажор гаммасини 5-торда горизонталь шаклда чалиш учун, биринчи 5-торни очиқ чаламиз. Сўнгра бир бутун тон (торни очиқ чалишни шартли равишда биринчи парда деб олиб, икки парда) силжиб, 2-пардада B (си) нотасини чаламиз. Яна бутун тон (2 парда) силжиб, C# (до-диез) нотасини чаламиз. Бунинг ортидан ярим тон (бир парда) силжиб, D (ре) нотасини чаламиз. Сўнгра бутун тон силжиб E (ми), яна бутун тон силжиб F# (фа-диез), яна бутун тон силжиб G# (соль-диез), ва, ниҳоят, ярим тон силжиб A (ля) нотасини чаламиз. Яъни, A (ля) мажор гаммаси қуйидаги ноталардан иборат: A – B – C# – D – E – F# – G# – A.

Бу гаммани ҳам бир неча торда ва бир неча шаклда ижро этиш мумкин:

3. Минор гаммалари

Табиий (натурал) минор гаммаси бутун ва ярим тонлардан иборат қуйидаги формула бўйича тузиладиi: 

бутун, ярим, бутун, бутун, ярим, бутун, бутун

(1 тон, 0,5 тон, 1 тон, 1 тон, 0,5 тон, 1 тон, 1 тон)

Буни Б – Я – Б – Б – Я – Б – Б дея ифодаласак, эслаб қолишимиз осон бўлади. Инглизча бу формула  W – H – W – W – H – W – W шаклида маълум, чунки W = whole step (бутун тон), H = half step (ярим тон).

Келинг, A (ля) минор гаммасини тузамиз. Б – Я – Б – Б – Я – Б – Б (инглизча W – H – W – W – H – W – W) формуласини эслаб қолишингиз осон бўлиши учун бешинчи (очиқ чалганда A (ля) нотасига созланган) торда A (ля) мажор гаммасини қуйидагича ижро этамиз: 5-торни очиқ чаламиз. Бунинг ортидан 2-пардада B (си) нотасини чаламиз. Сўнгра ярим тон (бир парда) силжиб, C (до) нотасини чаламиз. Сўнгра бутун тон (2 парда) силжиб, D (ре) нотасини чаламиз. Бунинг ортидан яна бутун тон (икки парда) силжиб, E (ми) нотасини чаламиз. Сўнгра ярим тон силжиб, F (фа), бутун тон силжиб G (соль) ва, ниҳоят, бутун тон силжиб A (ля) нотасини чаламиз. Яъни, A (ля) минор гаммаси қуйидаги ноталардан иборат: A – B – C – D – E – F – G – A (ля – си – до – ре – ми – фа – соль – ля).

Мажор гаммалари каби, минор гаммаларини ҳам одатда бир неча торда чалинади. Масалан, A (ля) минор гаммасини 6-торнинг 5-пардасида, яъни A (ля) нотасидан бошлаб, қуйидагича чалиш мумкин: 5-торнинг иккинчи пардасида B (си) нотасини чаламиз. Сўнгра ярим тон (бир парда) силжиб, C (до) нотасини чаламиз. Айни торда бутун тон силжиб, D (ре) нотасини чаламиз. Кейин эса 4-торнинг 2-пардасида E (ми) нотасини чаламиз. Ярим тон силжиб, F (фа) нотасини чаламиз. Бир тон силжиб, G (соль) нотасини чаламиз. Кейин эса 3-торнинг 2-пардасида A (ля) нотасини чалиб, бит октавага чўзиглан A (ля) минор гаммасини тугатамиз.

Аммо бу ерда айни гаммани яна бир октава чалсак бўлади. Бунинг учун 3-торнинг 2-пардасидан бир тон силжиб, B (си) нотасини чаламиз. Ярим тон силжиб, C (до) нотасини чаламиз. Бунинг ортидан 2-торнинг 3-пардасида D (ре) нотасини чаламиз. Сўнгра бир тон силжиб, E (ми), яна ярим тон силжиб F (фа) нотасини чаламиз. Ниҳоят, 1-торнинг 3-пардасида G (соль) нотасини, бир тон силжиб, A (ля) нотасини чалиб, 2 октавага чўзилган A (ля) табиий минор гаммасини якунлаймиз.

Қуйидаги расмда гитарада A (ля) минор гаммасини чалишнинг барча йўллари берилган.

Мажор ва минор гаммалари ўртасидаги фарқни яхшироқ англашингиз учун қуйида C (до) мажор ва C (до) минор гаммалари ёнма-ён келтирилган. Аввал фақат 5-торда бир октава чалинган C (до) мажор ва минор гаммаларини солиштирсак:

5-торда C (до) мажор гаммаси (Б – Б – Я – Б – Б – Б – Я)
5-торда C (до) мажор гаммаси (Б – Б – Я – Б – Б – Б – Я)
© GuitarToneMaster.com

Қуйида эса C (до) минор гаммасини чалишнинг барча йўллари берилган. Эътибор берсангиз, A (ля) минор гаммасини чалиш шакллари, яъни гамманинг ярим ва бутун тонлар асосида қурилган тузилиши C (до) минор гаммаси шаклларига ўхшайди. Ягона фарқи – гамма шаклларининг пардалардаги ўрнидир.

4. Параллель ва номдош гаммалар

Шу ўринда мажор ва минор гаммалар ўртасидаги боғлиқликка тўхталиб ўтсак. Ҳар қандай мажор гаммасининг VI босқичидан тузилган товуш қатори ўша мажор гаммасига параллель минор гаммасини ҳосил қилади. Масалан, юқоридаги C (до) мажор гаммасининг VI босқичи A (ля) бўлиб, ўша нотадан бошланган товушлар A (ля) минор гаммасини тузади. Бошқача қилиб айтганда, C (до) мажор гаммаси A (ля) минор гаммасига параллелдир. Қуйида E♭ (ми-бемоль) мажор ҳамда C (до) минор параллель гаммаларини солиштиришингиз мумкин.

Бир хил тоникага эга гаммаларни эса номдош гаммалар деб атаймиз. Масалан, A (ля) мажор ҳамда A (ля) минор гаммалари номдош гаммаларга мисол бўлади. Қуйида C (до) мажор ҳамда C (до) минор номдош гаммаларини солиштиришингиз мумкин.

Инглиз тилида параллель гаммалар relative scales деб номланади. Инглизчада parallel scales деб бир хил тоникага эга гаммаларга, яъни номдош гаммаларга айтилади. Масалан, инглизча манбаларда C (до) мажор гаммаси ҳамда A (ля) минор гаммаси relative гаммалар бўлиб, C (до) мажор гаммаси ҳамда C (до) минор гаммалари эса parallel гаммалардир

Гамма ва тоналлик тушунчалари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, тоналлик асар баландлигини, гамма эса ўша баландликда чалиш мумкин бўлган муайян нота ва аккордлар тўпламини англатади. Параллель гаммалар ва параллель тоналлик ҳамда номдош гаммалар ва номдош тоналлик ҳақида Тоналлик саҳифасида атрофлича маълумот берилган.

5. Мажор пентатоникаси

Гитарачилар орасида пентатоника ёки пентатоник гаммалар ҳам кенг тарқалган. Пента сўзининг маъноси беш бўлиб, бундай гаммалар беш нотадан иборат бўлади. Мажор пентатоникасидан кантри, блюз ва рок жанрларида энг қўлланилади. Ушбу гамма бутун ва ярим тонлардан иборат қуйидаги формула бўйича тузилади

бутун, бутун, бутун + ярим, бутун, бутун + ярим

(1 тон, 1 тон, 1,5 тон, 1 тон, 1,5 тон)

Буни Б – Б – Б+Я – Б – Б+Я дея ифодаласак, эслаб қолишимиз осон бўлади. Инглизча бу формула W – W – W+H – W – W+H шаклида маълум, чунки W = whole step (бутун тон), H = half step (ярим тон).

Қуйида 5-торда С (до) мажор пентатоникаси келтирилган.

Мажор пентатоникаларини ҳам турли шаклларда ижро этиш мумкин. Қуйида С (до) мажор пентатоникасини ижро этишнинг шаклларидан бири келтирилган. Ҳар доимгидек, пардаларда силжиб, бошқа мажор пентатоникаларини айни шаклда ижро этиш мумкин.

Қуйида эса С (до) мажор пентатоникасини чалишнинг барча йўллари берилган.

6. Минор пентатоникаси

Минор пентатоникаси гитарачилар орасида жуда кенг тарқалган. Бу гаммалар асосан блуэс, жазз, роcк ва поп мусиқа жанрларида қўлланилади. Минор пентатоникасини бутун ва ярим тонлардан иборат қуйидаги формула бўйича тузамиз: 

бутун + ярим, бутун, бутун, бутун + ярим, бутун

(1,5 тон, 1 тон, 1 тон, 1,5 тон, 1 тон)

Буни Б+Я – Б – Б – Б+Я – Б дея ифодаласак, эслаб қолишимиз осон бўлади. Инглизча бу формула  W – W – W+H – W – W+H шаклида маълум, чунки W = whole step (бутун тон), H = half step (ярим тон).

Қуйида 5-торда C (до) минор пентатоникаси келтирилган.

Минор пентатоникларини ҳам турли шаклларда ижро этиш мумкин. Қуйида C (до) минор пентатоникасини ижро этишнинг энг кенг тарқалган ва осон шаклларидан бири келтирилган. Ҳар доимгидек, пардаларда силжиб, бошқа минор пентатоникаларини айни шаклда ижро этиш мумкин.

Эътибор берган бўлсангиз, юқоридаги шакл мажор пентатоникаси шаклларининг бирига ўхшайди. Аслида иккиси икки хил гамма, чунки ушбу икки гамманинг тоникаси (яъни, илк нотаси) бошқа-бошқа.

Қуйида эса C (до) минор пентатоникасини чалишнинг барча йўллари берилган.

7. Мелодик минор гаммалари

Яна бир кенг тарқалган гамма тури мелодик минор гаммаси бўлиб, у мажор гаммаси асосида тузилади. Табиий мажор гаммасини мелодик минор гаммасига айлантириш учун мажор гаммасининг 3-босқичини ярим тонга пастлатиш кифоя. Бу саҳифада мелодик минор гаммаларининг жазз версиясини кўриб чиқамиз, холос. Классик мелодик минор гаммаларида кўтарилаётганда бошқа товушлар, пастлаётганда бошқа товушлар чалинади

Мелодик минор гаммасини бутун ва ярим тонлардан иборат қуйидаги формула бўйича тузамиз:

бутун, ярим, бутун, бутун, бутун, бутун, ярим

(1 тон, 0,5 тон, 1 тон, 1 тон, 1 тон, 1 тон, 0,5 тон)

Буни Б – Я – Б – Б – Б – Б – Я дея ифодаласак, эслаб қолишимиз осон бўлади. Инглизча бу формула W – H – W – W – W – W – H шаклида маълум, чунки W = whole step (бутун тон), H = half step (ярим тон).

Қуйида 5-торда C (до) мелодик минор гаммаси келтирилган.

Мелодик минор гаммасини ҳам, табиийки, барча торларда чалиш мумкин. Қуйида ушбу гамманинг шаклларидан бири келтирилган.

C (до) мелодик минор гаммаси шаклларидан бири
C (до) мелодик минор гаммаси шаклларидан бири
© GuitarToneMaster.com

Қуйида эса C (до) мелодик минор гаммасини чалишнинг барча йўллари берилган.

8. Гармоник минор гаммалари

Гармоник минор гаммаси нисбатан кенг қўлланиладиган гамма бўлиб, уни қуйидаги формула асосида чаламиз

бутун, ярим, бутун, бутун, ярим, бутун + ярим, ярим

(1 тон, 0,5 тон, 1 тон, 1 тон, 0,5 тон, 1,5 тон, 0,5 тон)

Буни Б – Я – Б – Б – Я – Б+Я – Я дея ифодаласак, эслаб қолишимиз осон бўлади. Инглизча бу формула W – H – W – W – H – W+H – H шаклида маълум, чунки W = whole step (бутун тон), H = half step (ярим тон). Гармоник минор гаммасини мажор гамманинг 3- ва 6-босқичларини ярим тон пастлатиб тузамиз. Минор гамманинг 7-босқичини ярим тон кўтариш ҳам гармоник минор гаммасини ҳосил қилади.

9. Бошқа гамма турлари

Юқорида тилга олинган гаммалардан бошқа гамма турлари жуда кўп. Табиийки, уларнинг ҳар бирини ўрганиш шарт эмас. Сизни қизиқтирган мусиқа жанрларидан келиб чиқиб, тегишли гаммаларни ўрганиш кифоя. Шундай бўлсада, бошқа нисбатан кенг тарқалган гамма турларига ҳам тўхталиб ўтсак. Блюз гаммаси ҳам нисбатан кенг тарқалган бўлиб, у жуда осон – уни ижро этиш учун минор пентатоникасига бир нота қўшамиз.

С (до) блюз гаммаси

Ҳар бир гамма ҳақида батафсил маълумот ва машқлар берилган сайтлар жуда кўп. Фойдали линклар саҳифасида бундай сайтларнинг айримларига ишоратлар берилган.

10. Ладлар ҳақида икки оғиз сўз

Лад тушунчасига ҳам қисқача тўхталиб ўтсак. Бошланғич гитарачилар учун гаммаларни пухта ўзлаштириш кифоя. Шундай бўлсада, ладлар ҳақида икки оғиз сўз айтиш керак, чунки рус ва руслар таъсирида шаклланган замонавий ўзбек мусиқа назариясида лад тушунчаси муҳим аҳамият касб этади. Умуман олганда, лад ва гамма тушунчалари бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Одатда русча лад тушунчаси ғарб мусиқа назариясида учрайдиган mode тушунчасига тенглаштирилади. Аммо mode тушунчаси лад тушунчасига 100 фоиз мос тушмайди

Рус мусиқа назариясида лад

Рус мусиқа назариясида лад (русча лад – уйғунлик, тартиб) тушунчаси муҳим ўрин тутади, айниқса, XX аср мусиқасида. Кенг маънода, лад пардаларнинг ўзаро мутаносиблиги ва уйғунлигини, турли баландликдаги мусиқий товушларнинг бир-бирига боғлиқлиги ва уйғунлигини англатади. Мусиқа назариясида эса мусиқий поғоналарнинг тоника, яъни таянч ёки бош товуш атрофида ўзаро боғланиш тизими лад дейилади.

Гамма ва лад тушунчалари бир-бирига боғлиқ бўлиб, ладнинг ҳар хил талқини бўлгани учун бу фарқни аниқ белгилаш мушкул. Қадамбой Раҳимов ўзининг «Мусиқанинг элементар назарияси» (Тошкент, 2007) китобида ладни «ўзаро боғланган мусиқавий товушларнинг тоника деб аталган таянч товуш доирасида жойлашуви», гаммани эса «лад товушларининг баландлик бўйича бир тоникадан навбатдаги октаванинг тоникасигача жойлашуви» деб таърифлаган. Умуман олганда, лад кенгроқ тушунча бўлиб, гаммани ладнинг бир тури, дейиш мумкин. Хусусан, лад поғоналарининг кетма-кет келиши унинг гаммасини ташкил этади, десак бўлади.

Айрим русча ва ўзбекча манбаларда юқорида айтиб ўтилган мажор ва минор гаммалар мажор ва минор ладлар деб юритилади. Масалан, русча ва ўзбекча манбаларда табиий мажор гамма ўрнига табиий мажор лади атамаси қўлланилганини учратиш мумкин

Ғарб мусиқа назариясида лад

Содда қилиб айтганда, ғарб мусиқасида лад гамманинг бир туридир. Хусусан, ладлар мажор гаммалар билан бир хил нарса. Ягона фарқи, ладлар мажор гаммалардан тонал маркази билан фарқ қилади. Оддий мажор гаммадаги мусиқани ионий ладида дейиш мумкин. Ушбу маъно назарда тутилганда ладлар русча ва ўзбекча манбаларда халқ мусиқаси ладлари деб юритилади

Еттида лад тури бўлиб, улар қуйидагилардир:

Лад Мажор гаммага нисбатан тоника Интервал кетма-кетлиги Мисол
Ионий (Ionian)  I W–W–H–W–W–W–H C–D–E–F–G–A–B–C
Дорий (Dorian) II W–H–W–W–W–H–W D–E–F–G–A–B–C–D
Фригий (Phrygian) III H–W–W–W–H–W–W E–F–G–A–B–C–D–E
Лидий (Lydian) IV W–W–W–H–W–W–H F–G–A–B–C–D–E–F
Миксолидий (Mixolydian) IV W–W–H–W–W–H–W G–A–B–C–D–E–F–G
Эолий (Aeolian) VI W–H–W–W–H–W–W A–B–C–D–E–F–G–A
Локрий (Locrian) VII H–W–W–H–W–W–W B–C–D–E–F–G–A–B

Юқорида турли хил тоникага эга ладларга мисоллар келтирилган. Келинг, бир хил тоникага эга ладларни ҳам кўриб чиқамиз. Масалан, A (ля) мажор гаммасини олайлик. Юқорида айтиб ўтилганидек, табиий мажор гаммаси ионий ладига мос келади. Шундай экан, A (ля) мажор гаммаси ва A (ля) ионий лади айни нарса. Қуйида A (ля) тоникаси асосида тузилган барча ладлар ҳамда ҳар бир ладни мажор гаммага таянган ҳолда чиқариш формуласи келтирилган.

Лад Мисол
Мажор гаммадан фарқи
Ионий (Ionian)  A  B C# D E F# G# йўқ (айни нарса)
Дорий (Dorian) A B C D E F# G ♭3, ♭7
Фригий (Phrygian)  A  B♭ C D E G ♭2, ♭3, ♭6, ♭7
Лидий (Lydian)  A  B C# D# E F# G# #4
Миксолидий (Mixolydian)  A  B C# D E F# G ♭7
Эолий (Aeolian)  A  B C D E F G минор гамма
Локрий (Locrian) A B♭ C D Eb F G ♭2, ♭3, ♭5, ♭6, ♭7