1. Флажолет

Флажолет (инглизча harmonics) торли созларда кенг қўлланиладиган услуб бўлиб, унда чолғу асбобидан ўзига хос тембрга эга обертон чиқарилади. Обертон эса, ўз навбатида, асосий товуш билан бирга чиқадиган ва унга ўзгача тус берадиган товушдир. Нота ёзувида флажолетни ифодалаш учун бир чизиқчада (штилда) икки нота ёзилади: асосий товуш нормал нота ўлароқ белгиланади, флажолет обертони эса ромб ёки квадрат шаклидаги нота белгиси билан ифодаланади

Табиий флажолет

Табиий флажолет (инглизча natural harmonics) флажолет чалишнинг энг кенг тарқалган услуби бўлиб, унда гитара торига бармоқ учи билан енгил тегиш орқали обертон ҳосил қилинади. Флажолетни муайян пардаларда чалиш осон. Хусусан, 12-, 7- ва 5-пардаларда табиий флажолет чалиш нисбатан осон.

Табиий флажолет чалиш қадамлари қуйидагилардир:

  1. Тегишли торни ўнг қўл билан чертамиз.
  2. Ўнг қўл билан торни чертар эканмиз, чап қўл бармоғи билан флажолет чалиш лозим бўлган парда (масалан, 12-парда) таёқчасининг қоқ устида торга сал тегамиз. Торни чап қўл қаттиқ билан босмаймиз – унга сал тегамиз, холос.

Зиёд Эшонхўжаев ижросидаги «Бу оқшом» ашуласининг бир неча версияси мавжуд бўлиб, уларнинг бирида 5-торнинг 5-пардасида табиий флажолет чалинган. Уни ижро этиш қуйидаги видеода кўрсатилган.

Флажолет физикаси

Торларни чертганимизда одатда асосий частотани эшитамиз, холос. Флажолет ижро этганимизда эса обертонлар олдинги фонга чиқади. Натижада ўзига хос товуш юзага келади. Бу ҳолатни товуш тўлқинлари ёрдамида изоҳлаш мумкин.

Табиий флажолет ижро этганимизда, торни тенг икки қисмга, 1/3 қисмга, чорак қисмга, 1/5 қисмга ёки 1/6 қисмга бўламиз. Масалан, 12-пардада флажолет ижро этганимизда торни тенг иккига бўламиз. Яъни, 12-парда торнинг табиий флажолет чиқарувчи пропорционал кесимларининг биридир. 7-парда эса торнинг 1/3 қисмига тенг, 5-парда эса торнинг 1/4 қисмига тенг ва ҳоказо.

Флажолет ижро этганимизда бармоқ торни тенг 1/2, 1/3 ёки 1/4 қисмга бўлади, натижада тор тебраниши ҳам ҳам 1/2, 1/3 ёки 1/4 га бўлинади. Тор тебранишинг бўлиниши эса товуш тўлқинини ҳам бўлади. Товуш тўлқини нота частотасини, яъни сиз чалаётган нотани белгилайди. Қуйидаги расмда торли чолғудаги флажолет кесимларининг визуализацияси келтирилган.

2. Хаммер-он

Хаммер-он (инглизча hammer-on, яъни «болғалаш, зарб бериш») гитара чалишда жуда кенг қўлланилади. Бу услуб легато, яъни товушларни бир-бирига силлиқ боғлаб, қўшиб ижро этишнинг бир туридир. Нота ёзувида легатонинг барча услуби лига, яъни ёйсимон белги билан ифодаланади. Лига турли баландликдаги бир неча товушни бир-бирига боғлаб, уларни қўшни товушлардан ажратиб, узлуксиз ижро этиш кераклигини англатади.

Хаммер-он ҳам, пулл-офф ҳам лигатонинг бир тури бўлиб, уларни ижро этишда тор фақат бир марта чертилади. Бошқача қилиб айтганда, иккинчи нотани чалиш учун тор ўнг қўл билан иккинчи марта чертилмайди. Хаммер-он паст (гитара қулоқларига яқинроқ) нотадан баланд (гитара қорнига яқинроқ) нотага ўтишда қўлланиладиi. 

Хаммер-он чалиш қадамлари қуйидагилардир:

  1. Дастада бирор пардани босамиз.
  2. Тегишли торни ўнг қўл билан чертамиз.
  3. Чап қўл панжасини биринчи нотадан қўйиб юбормасдан, тезда иккинчи (баландроқ, яъни гитара қорнига яқинроқ) нотани чап қўлнинг бошқа панжаси билан пардага зарб берган ҳолда чаламиз. Яъни, иккинчи нотани чалиш учун торни ўнг қўл билан қайта чертмаймиз.

Дадо гуруҳи ижросидаги «Юрагим» ашуласи солосида хаммер-онга мисол топасиз:

3. Пулл-офф

Пулл-офф (инглизча pull-off, яъни «тортиш, юлиш») хаммер-он услубининг акси, десак бўлади. Пулл-офф ҳам легатонинг бир тури бўлиб, баланд (гитара қорнига яқинроқ) нотадан паст (гитара қулоқларига яқинроқ) нотага ўтишда ишлатилади.

Пулл-офф чалиш қадамлари қуйидагилардир:

  1. Биринчи нотани керакли пардада босамиз.
  2. Тегишли торни ўнг қўл билан чертамиз.
  3. Биринчи нотадан қўлни қўйиб юбормай, ундан пастроқ нотани (гитара дастасида қулоқларга яқинроқ пардани) босамиз. (Ёки чалишдан олдин ҳар икки нотани бир вақтнинг ўзида икки панжа билан босиш мумкин.)
  4. Пастроқ нотани (гитара дастасида қулоқларга яқинроқ) ушлаб турган ҳолда, биринчи, яъни баландроқ (гитара қорнига яқинроқ) нотани чалган панжа билан ўша торни тез «чўзиб», қўйиб юборамиз. Яъни, иккинчи нотани ўнг қўл билан эмас, балки биринчи нотани ушлаган чап қўл панжаси билан «чертамиз».

4. Слайд

Бир нотадан иккинчи нотага слайд (инглизча slide, яъни «сирғанмоқ, тоймоқ») ёрдамида ҳам ўтса бўлади. Слайд ҳам легатонинг бир туридир. Уни чалиш учун аввал керакли нотани чертамиз, сўнгра пардани босган панжани тордан кўтармасдан иккинчи нотага силжитамиз. Илк нотадан ҳам юқорида, ҳам пастда жойлашган ноталарга слайд қилиш мумкин.

Слайдларнинг икки тури бор: ўтиш слайдлари ва легато слайдлар. Уларнинг фарқи – ўтиш слайд чалганда иккинчи нота ўнг қўл билан чертилади. Легато слайдлар, яъни торни ўнг қўл билан бир марта чертиб, чап қўлни силжитиб ижро этиладиган слайдлар кўпроқ учрайди.

Нота ёзувида слайд лига белгисига қўшимча равишда кўтарилиб ёки пастлаб борувчи диагональ чизиқ билан белгиланади.

Слайд чалиш қадамлари қуйидагилардир:

  1. Биринчи нотани керакли пардада босамиз.
  2. Тегишни торни ўнг қўл билан чертамиз.
  3. Торни қўйиб юбормасдан, панжани тегишли нотага силжитамиз.
  4. Ўтиш слайдини чалишни истасак, иккинчи нотага сирғалиб борганимиздан кейин, торни яна бир марта ўнг қўл билан чертамиз.

Сардор Раҳимхон ижросидаги «Дўст/Друг» ашуласи солосида слайдлар учрайди. Шунингдек, ашула солосида легатолар ҳам кенг қўлланилган.

5. Торни бўғиш

Торларни бўғиш (инглизча palm muting) электрогитара ижросида жуда муҳим ўрин тутади. Аммо ушбу услубдан акустик гитара ижро этишда, жумладан, классик гитара чалишда ҳам кенг қўлланилади. (Классик гитара ижросида ушбу техника пиззиcато деб номланади.) Аккорд чалаётганда ҳам, мелодия ижро этаётганда ҳам торларни бўғиб, асарга динамика ва драма бағишлаш мумкин.

Торни бўғиш қадамлари қуйидагилардир:

  1. Ўнг қўлнинг жимжилоқ яқинидаги ёни билан чалиниши керак торларни харак яқинида босамиз.
  2. Чап қўлни тесгишли пардаларда ушалб, ўнг қўл билан бўғилган торларни чертамиз.

Қўл чети билан торларни енгил босиш керак, чунки айни қўл торларни ижро эта оладиган даражада бўш бўлиши керак. Қолаверса, ўта қаттиқ босиш торларнинг овозини бутунлай бўғади.

Торларни харакка яқинроқ бўғиш уларнинг овози кўпроққа чўзилишини таъминлайди. Гитара дастасига яқинлашганингиз сари, торлар овози тобора кўпроқ бўғилади. Ниҳоят, чалаётганда торларни бўғаётган қўл ўрнидан силжиб кетмаслигига эътибор қаратиш керак.

Қуйидаги видеода Даво гуруҳи ижросидаги «Жон» ашуласининг кириш қисми ва илк куплетининг биринчи яримини торларни бўғиб ижро этиш кўрсатилган.

6. Торни эгиш

Торларни эгиш (инглизча string bending) гитарада ижро этилган асарни безашнинг яна бир услубидир. Тор эгилганда, товуш баландлиги ўзгаради. Унинг қанча ўзгариши эса тор қай даражада эгилишига боғлиқ. Одатда торларни эгиш ёрдамида товуш ярим ёки бир тонга ўзгартирилади.

Торни эгиш қадамлари қуйидагилардир:

  1. Торни тегишли пардада босамиз.
  2. Торни ўнг қўл билан чертамиз.
  3. Чап қўл панжасини ушланган пардадан олмасдан, торни юқорига ёки пастга эгамиз. Яъни, торни парда таёқчасига параллель йўналишда силжитамиз.

Нота ёзувида торни эгиш эгри чизиқли стрелка билан белгиланади. Бундан ташқари, нотани қай даражага эгиш кераклиги тон миқдорида кўрсатилади. Масалан, 1/2 сони торни ярим тонга эгиш кераклигини, 1 сони торни бир тонга эгиш кераклигини англатади ва ҳоказо.

1/2 тон бир пардага мос келгани учун, торни қай даражада (неча парда) эгаётганингизни бошланғич парда ёнидаги пардаларни чалиб кўриш орқали билиб олишингиз мумкин. Масалан, торни ярим тонга эгиш учун аввал тегишли пардада керакли нотани, сўнгра унинг ёнидаги пардани чалиб кўринг. Масалан, тор 5-пардада ярим тонга эгилганида чиқадиган товуш баландлиги айни тор 6-пардада чалинганида чиқадиган товуш баландлигига тенг бўлиши керак. Торни муайян пардада бир тонга эгиш учун эса унинг товуш баландлигини биринчи пардадан икки парда пастроқ (гитара қорнига яқинроқ) жойлашган нота баландлигига тенглаштириш керак.

7. Тремоло

Тремоло бир нотани жуда тез чертишдир. Гитарада ҳам медиатор, ҳам бармоқлар билан тремоло чалиш мумкин. Медиатор ёрдамида тремоло чалиш учун бирор торни керакли пардада босиб, медиаторни жуда тез юқорига ва пастга чертамиз. Нота ёзувида тремоло бир-бирга параллель штрихлар билан ифодаланади.

Бармоқлар билан тремоло чалиш учун эса торни тегишли пардада босиб, уни ўнг қўлнинг номсиз (anular), ўрта (medio) ва кўрсаткич (indice) бармоқлари билан кетма-кет чертамиз. Ўнг қўлнинг номсиз (anular), ўрта (medio) ва кўрсаткич (indice) бармоқлари билан тремоло чертар экансиз, бош бармоқ (пулгар) билан бас торларни чертиш мумкин. 

Тремолони бошида секин чалишни ўрганиш керак. Аста-аста чалиш суратини ошириб бориш тавсия қилинади.

Улуғбек Раҳматуллаев ижросидаги «Қирмизи олма/Яблоко любви» қўшиғи солосида содда тремоло чалинган. Шунингдек, солода слайдлар ҳам қўлланилган.

8. Вибрато

Вибрато ҳам торни эгишдан иборат. Аммо вибратода торлар озгина ва тез суратда бир неча марта эгилади. Қолаверса, вибрато ижро этишдан мақсад нота баландлигини ўзгартириш эмас, балки айни нотани безаб чалишдир.

Нота ёзувида вибрато тўлқинли чизиқ билан белгиланади. Вибратони турли хил йўл билан чалиш мумкин. Қуйида вибрато чалишнинг икки кенг тарқалган тури билан танишишингиз мумкин.

Таянч нуқта атрофида чалинадиган вибрато

Мазкур услубда панжани унинг асоси, яъни қўлга уланган қисмидаги қавариқ жойи атрофида айлантирамиз. Таянч нуқта атрофида вибрато чалиш қадамлари қуйидагилардир:

  1. Торни тегишли пардада босамиз.
  2. Айни торни ўнг қўл билан чертамиз.
  3. Пардани босган ҳолда, панжани унинг асосидаги юмалоқ қисми атрофида юқорига ва пастга ёки ўнгга ва чапга қимирлатамиз.

Таянч нуқтали вибратони биринчи торда ижро этиш бир оз мушкул, чунки торни пастга тортганда дастадан чиқиб кетишимиз мумкин. Қолаверса, торни пастга эмас, юқорига экканда таянч нуқта атрофида вибрато чалиш мушкул бўлади.

Юқорига интилувчи вибрато

Юқорига интилувчи вибрато чалишнинг икки услуби бор. Биринчиси гитара вазни ҳамда қўлнинг тирсакдан пастки қисми ҳаракатига таянади. Иккинчи вариант қўл мушаклари асосида вибрато чиқаради.

Қўл вибратоси

Қўл вибратосини чалиш қадамлари қуйидагилардир:

  1. Чап қўл бош панжасини гитара дастаси орқасининг пастки қисмида ушлаймиз.
  2. Тегишли пардани чап қўлнинг бошқа панжаси билан босамиз.
  3. Тегишли торни чертамиз.
  4. Нотани ушлаган ҳолда чап қўлнинг тирсакдан паст қисмини юқорига ва пастга тез-тез ҳаракатлантирамиз. Айрим ҳолатларда бундай вибратони чалишда гитара вазнидан фойдаланиш мумкин.

Дастани юқорига сиқиб чалинадиган вибрато

Юқорига сиқиш вибратосини чалиш қадамлари қуйидагилардир:

  1. Чап қўл бош панжасини гитара дастаси орқасининг юқори қисмида ушлаймиз.
  2. Тегишли пардани чап қўлнинг бошқа панжаси билан босамиз.
  3. Тегишли торни чертамиз.
  4. Чап қўл билан гитара дастасини сиқамиз ва торни сиққан ҳолда,уни юқорига ва пастга силжитамиз. Бу торни тез суратда юқорига ва пастга эгишга ўхшаб кетади.