1. Мусиқа назарияси ва нота ёзуви

Мусиқа назарияси ҳар қандай асбобни чалишни ўрганишни анча осонлаштиради. Содда қилиб айтганда, мусиқа назарияси мусиқани англашимизга кўмаклашадиган ғоялар тўпламидир. Мусиқа назарияси нафақат асарларни ўрганишингизни осонлаштиради, балки импровизация қилишга ва мусиқа басталашга йўл очиб беради.

Бошқа чолғулар каби гитарани ҳам мусиқа назарияси ва нота ёзувини ўзлаштирмасдан чалишни ўрганиш мумкин. Аммо ўзини ҳурмат қилган, асбобни чалишга жиддий ёндашадиган ҳар қандай гитарачи ҳеч бўлмаса мусиқа назарияси асосларини билиши керак. Оз сонли аккорд ва зарбни ўрганиб олиб, асбобни чалишни ўзлаштирдим, деб айта олмайсиз.

Мусиқа назарияси асосларини ўрганмаган шахс йиллар давомида гитара чалса ҳам, маҳоратли гитарачи бўлиб етиша олмаслиги мумкин. Иккинчи томондан, асбобни узоқ йиллар давомида чалган шахс ўзи билмаган ҳолда аста-секин мусиқа назарияси асосларини англай бошлайди. Ушбу сайт ёрдамида сиз нота ёзуви ва мусиқа назарияси асосларини анча осон ўзлаштиришингиз мумкин. Сайт саҳифаларида нота ёзуви ва мусиқа назариясининг гитара чалишни ўрганишда қўл келадиган энг муҳим жиҳатлари тушуниш осон бўлган тильда берилган. Табиийки, бу мавзуларни янада чуқурроқ ўзлаштиришни истаганлар етук манбалардан фойдаланиши мумкин.

Мусиқа товушларининг баландлиги, чўзими ёки узунлиги ва бошқа хусусиятларини ифодаловчи белгилар ноталар дейилади. Ноталардан иборат ёзув эса нота ёзуви дейилади. Мусиқани нафақат нота ёзуви, балки табулатура билан ҳам ифодалаш мумкин. Табулатурани ўзлаштириш осонроқ бўлиб, айнан шунинг учун ҳам нота ёзувидан кўра табулатура ёзуви гитарачилар орасида кенгроқ тарқалган. Шундай бўлсада, табулатуранинг бир камчилиги бор – унда товуш чўзими ёки узунлиги кўрсатилмайди

2. Ноталар номлари ва альтерация белгилари

Нота ёзувининг уникал жиҳати шундан иборатки, ушбу ёзув ёрдамида бир вақтнинг ўзида ҳам мусиқа товушлари баландлигини, ҳам чўзими, яъни узунлигини ифодалаш мумкини. Нота ёзувининг ушбу хусусиятлари ҳақида қуйида батафсил маълумот берилган.

Замонавий мусиқа амалиётига асос қилиб олинган мусиқий тизим муайян баландликка эга бўлган ва ўзаро муайян муносабатда бўлган товушилар қаторидан иборатдир. Товушларнинг ўз баландлигига қараб жойлашиши товушқатор, товушларнинг ўзи эса босқичлар ёки поғоналар дейилади. Асосий поғоналар ҳаммамизга таниш бўлган C – D – E – F – G – A – B (до – ре – ми – фа – соль – ля – си) поғоналаридир..

Гитарачилар орасида поғона ва аккордларнинг инглизча (ёки, умуман олганда, ғарбча) номларидан фойдаланиш кенг тарқалган. Ўзбек тилига поғоналарининг номланиши рус тилидан кириб келган. Ўзбекча ва ғарб давлатларида ишлатиладиган поғона номларининг мутаносиблиги қуйидагичадир:

До — C
Ре — D
Ми — E
Фа — F
 Соль — G
Ля — A
Си — B
(айрим манбаларда B ўрнига H ишлатилган)

Гитара темперацияланган чолғу асбобидир, яъни ундаги ҳар бир ёнма-ён жойлашган парда ўртасида ярим тон фарқ бор. Ярим тон икки товуш ўртасидаги энг яқин оралиқ бўлиб, гитара дастасида икки ёнма-ён парда ўртасида ярим тон фарқ бор. Икки ярим тон бутун тон ҳосил қилади. Ҳозирги замонавий темперацияда 12 поғона бор. Булар қуйидагилардир: C – D – E – F – G – A – B (до – ре – ми – фа – соль – ля – си) (фортепьяно клавиатурасидаги оқ клавишлар) ҳамда мустақил номга эга бўлмаган (фортепьянонинг қора клавишлари) товушлар.

Мустақил номи бўлмаган товушларга C (до) ва D (ре) ўртасидаги, D (ре) ва E (ми) ўртасидаги, F (фа) ва G (соль) ўртасидаги, G (сол) ва A (ля) ўртасидаги ҳамда A (ля) ва B (си) ўртасидаги товушлар киради. Уларни ёнидаги нота номи билан номлаймиз. Масалан, до ва ре ўртасидаги товушни баландлатилган до (до#, яъни до-диез) ёки пастлатилган ре (ре♭, яъни ре-бемоль) деб аташ мумкин. C# (до-диез) билан D♭ (ре-бемоль) бир хил товушга эга, аммо гаммалар тузилишидан келиб чиқиб, айрим ҳолатларда диез, бошқа ҳолатларда бемоль ишлатиш тўғри бўлади. Товушларни диез билан кўтариш ёки бемоль билан пастлатиш альтерация деб аталади

Бекар (♮) белгиси диез ва бемоль таъсирини бекор қилади. Нота белгилари ўрнига ҳарфий белгилар ишлатилганда русча ва ўзбекча манбаларда диез ва бемолнинг немисча белгиланишини учратиш мумкин. Бу белгилашда диез is, дубль-диез (икки марта ярим тонга кўтариш) isis, бемоль es, дубль-бемоль (икки марта ярим тонга пастлатиш) eses деб номланади. Масалан, fis – F (фа) диез, des – D (ре) бемоль, cisis – C (до) дубль-диез, geses – G (соль) дубль-бемоль ва ҳоказо. Аммо E (ми) бемолни ees эмас, балки es; A (ля) бемолни aes эмас, балки as, ва, ниҳоят, B (си) бемолни hes эмас, балки b ўлароқ ёзиш анъанага айланган

3. Октавалар

Мусиқий товушлар баланд-пастлигига кўра октаваларга бўлинади. Содда қилиб айтганда, октава бир хил номдаги товушлар оралиғидир. Аниқроқ таъриф берадиган бўлсак, октава деб бир товуш частотаси иккинчи товуш частотасидан икки марта катта бўлган интервалга айтилади. Октава интервали диатоник товушлар қаторида саккизта поғонани қамрайди. Масалан, бир октава C (до) нотасидан кейинги октава C (до) нотасигача бўлган масофа бир октавадир.

Октаваларни фортепиано клавиатураси ёрдамида ўрганиш қулай, чунки клавишлар ёрдамида уларни солиштириш осон. Қолаверса, фортепиано диапазони, яъни асбобдаги энг паст ва энг юқори товуш оралиғи катта бўлиб, одатда унда тўққиз октава ноталари ўрин олган бўлади.

Октавалар

Юқоридаги диаграммада кўрсатилганидек, тўққизта октава мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардир: субконтр, контр, катта, кичикбиринчи, иккинчи, учинчитўртинчи va bешинчи октавалар. Айни нота номи исталган октавада ишлатилиши мумкин бўлгани учун уларни бир-биридан фарқлаш учун белгилаш стандартлари қабул қилинган. Уларнинг орасида энг кенг тарқалгани илмий ҳамда немис олими Ҳерманн вон Ҳелмҳолтз ишлаб чиққан белгилаш стандартларидир. Аввал Ҳелмҳолтз белгилаш тизими билан танишиб чиқсак. Ҳелмҳолтзнинг оригинал тизимида B ўрнига Hишлатилган. Инглизча сўзлашувчи давлатларда эса бунинг тескариси ишлатилади

Октава Диапазон C D E F G A B
1 Субконтр октава - - - - - A2 B2
2 Контр октава C1 D1 E1 F1 G1 A1 B1
3 Катта октава C D E F G A B
4 Кичик октава c d e f g a b
5 Биринчи октава c1 d1 e1 f1 g1 a1 b1
6 Иккинчи октава c2 d2 e2 f2 g2 a2 b2
7 Учинчи октава c3 d3 e3 f3 g3 a3 b3
8 Тўртинчи октава c4 d4 e4 f4 g4 a4 b4
9 Бешинчи октава c5 - - - - - -

Қуйида эса илмий белгилаш тизими билан танишишингиз мумкин:

Октава Диапазон C D E F G A B
1 Субконтр октава - - - - - A0 B0
2 Контр октава C1 D1 E1 F1 G1 A1 B1
3 Катта октава C2 D2 E2 F2 G2 A2 B2
4 Кичик октава C3 D3 E3 F3 G3 A3 B3
5 Биринчи октава C4 D4 E4 F4 G4 A4 B4
6 Иккинчи октава C5 D5 E5 F5 G5 A5 B5
7 Учинчи октава C6 D6 E6 F6 G6 A6 B6
8 Тўртинчи октава C7 D7 E7 F7 G7 A7 B7
9 Бешинчи октава C8 - - - - - -

4. Ноталар чўзими

Замонавий нота ёзувида товушларнинг нафақат баландлиги, балки чўзими ёки узунлиги ҳам ифодаланади. Табиийки, мусиқа товушлари турли хил узунликка эга бўлгани каби, турли хил узунликка эга ноталар бор. Энг узун нота бутун нота бўлиб, у ичи бўялмаган овал билан белгиланади. Ярим нота бутун нотанинг ярмига тенг келиб, у ўнг ёки чап томонига чизиқча (штиль) чизилган овал билан белгиланади. Чорак нота бутун нотанинг 1/4 қисмига, яъни чорак қисмига тенг бўлиб, таёқчалик ва ичи бўялган овал билан ифодаланади. Нимчорак ёки саккизталик нота эса бутун нотанинг 1/8 қисмига тенг бўлиб, чорак нотага ўхшаш белги билан белгиланади, аммо унга битта «байроқча» қўшилади. Ўн олтиталик нота иккита, ўттиз иккиталик нота эса учта байроқча билан чизилади. Аксар ҳолатларда ёнма-ён келган ноталар байроқчалари бирлаштирилиб, қалин чизиқ ўлароқ белгиланади.

Нота номи Нота белгиси Пауза белгиси
1 Бутун 𝅝 𝄻
2 Ярим 𝅗𝅥 𝄼
3 Чорак 𝅘𝅥 𝄽
4 Нимчорак 𝅘𝅥𝅮 𝄾
5 Ўн олтиталик 𝅘𝅥𝅯 𝄿
6 Ўттиз иккиталик 𝅘𝅥𝅰 𝅀

Нота чўзимларига мос келувчи паузалар ҳам махсус белгилар билан ифодаланади. Паузалар мусиқий товушларни бир-биридан ажратиш ҳамда куйни безаш учун қўлланилади. Юқоридаги жадвалда кенг тарқалган нота чўзимлари ҳамда уларга мос келувчи, яъни ўшандай чўзимдаги ноталар келтирилган.

Ҳар бир чўзимнинг иккита тенг қисмга бўлиниши чўзимларнинг асосий бўлиниши дейилади. Масалан, бутун нота иккита яримталик нотага, яримталик нота иккита чорак нотага тенг келади ва ҳоказо. Бундан ташқари, саккизта нимчорак нотанинг умумий чўзими бутун нотага мос келади; тўртта нимчорак нота битта яримталик нотага тенг ва ҳоказо. Қуйида чўзимларнинг асосий бўлиниши акс этган схема келтирилган.

Товуш чўзимларини қўшимча белгилар билан узайтириш мумкин. Масалан, нуқта белгиси товушни ярим бараварга узайтиради. Мисол учун, бутун нота белгиси ёнига нуқта қўйилса, бутун нотага ярим нота узунлиги қўшилади. Бошқача қилиб айтганда, нуқтали бутун нота 1,5 бутун нотага тенгдир. Икки нуқта эса чўзимни ярим ва яна чорак марта узайтиради. Паузалар ҳам товушлар каби нуқта ва бошқа белгилар ёрдамида узайтирилиши мумкин. Қуйидаги жадвалда товуш чўзимини узайтиришга мисоллар келтирилган.

Узайтирувчи белги Вазифаси Мисол
1 Нуқта Чўзимни ярим баравар узайтириш    
𝅝. = 𝅝 + 𝅗𝅥


𝅗𝅥. = 𝅗𝅥
+ 𝅘𝅥

𝅘𝅥. = 𝅘𝅥
+ 𝅘𝅥𝅮

𝅘𝅥𝅮. = 𝅘𝅥𝅮 + 𝅘𝅥𝅯

2 Қўш нуқта Чўзимни ярим ва яна чорак баравар узайтириш
𝅝.. = 𝅝 + 𝅗𝅥 +
𝅘𝅥

𝅗𝅥.. = 𝅗𝅥
+ 𝅘𝅥 + 𝅘𝅥𝅮

𝅘𝅥.. = 𝅘𝅥
+ 𝅘𝅥𝅮 + 𝅘𝅥𝅯

𝅘𝅥𝅮.. = 𝅘𝅥𝅮 + 𝅘𝅥𝅯 + 𝅘𝅥𝅰

5. Нота йўли

Нота йўли устма-уст чизилган 5 та параллель чизиқдан иборат бўлиб, айрим ҳолатларида нота йўлининг устига ёки остига қўшимча чизиқлар қўшилади. Нота йўлидан пастда чизилган қўшимча чизиқлар нисбатан паст, устида чизилган қўшимча чизиқлар эса нисбатан баланд товушларни белгилашда ишлатилади. Нота чизиқлари тартиб билан пастдан юқорига қараб саналади. Юқорида октавалар бўлимида яққол кўрсатилганидек, исталган нота нота чизиғидан қанча юқори бўлса, шунча баланд товушга эга бўлади. Масалан, 3-чизиқдаги нота 2-чизиқдаги нотадан баланд, аммо 4-чизиқдаги нотадан паст бўлади. 

Nota yo‘li

Ноталар нота йўлидаги чизиқларнинг ўзида ёки улар орасида ёзилади. Қайси нота қаерда жойлашганини вақт ўтиши билан эслаб қоласиз. Бу жараённи тезлатиш учун турли мнемоник схемалар ўйлаб топилган. Масалан, инглизча сўзлашувчи давлатлар орасида нота йўллари орасидаги чизиқларда F (фа), A (ля), C (ре) ва E (ми) ноталари жойлашганини FACE, яъни инглизча «юз» сўзи билан ёдлаб қолишни тавсия қилишади. Қолган ноталарни эса ушбу тўрт нотага таяниб аниқлаш мушкул эмас.

Notalar

Шу ўринда калитлар билан танишиб чиқсак. Калит бу – товушлар номларини аниқлаш мақсадида нота йўлининг бошига қўйиладиган белгидир. Биринчи октава G (соль) товуши ўрнини кўрсатувчи скрипка калити ҳаммага таниш бўлиб, мусиқа рамзига айланган. Турли хил калитлар мавжуд бўлиб, улар орасида скрипка калити ҳамда бас калити энг кенг қўлланилади. Скрипка калити соль калити деб ҳам номланади ва нота йўлда 2-чизиққа чизилади. Бас калити эса 4-чизиққа ёзилади. Қуйида шу ва бошқа калитлар билан танишишингиз мумкин:

Нота йўлини тик кесиб ўтган вертикал чизиқ такт чизиғи дейилади. Нота йўлида икки ёнма-ён чизиқ ўртасидаги оралиқ такт дейилади. Такт бу мусиқа асарининг бир хил вақт давом этадиган ҳар бир бўлагидир. Қуйида такт чизиғининг кенг тарқалган турлари берилган

6. Ўлчов

Тактдаги зарблар сони ўлчов дейилади. Нота ёзувида ўлчов нафақат зарб сони, балки зарблар қайси нота чўзимига мос келишини ҳам ифодалайди. Одатда ўлчов мусиқа асари бошида, мусиқа калити ёнида каср шаклида кўрсатилади. Ўлчовларнинг оддий ва мураккаб турлари бўлиб, улар орасида 4/4 ўлчови энг кенг тарқалган ўлчов десак, муболаға бўлмайди. Бу ерда махраж ҳар бир зарб қайси нотага мос келишини кўрсатади. Масалан, 4 рақами чорак нотага мос келади. Сурат эса ҳар бир тактда нечта шунақа нота борлигини англатади. 4/4 мисолига қайтадиган бўлсак, бундай ўлчовда зарблар чорак ноталардан иборат бўлиб, ҳар бит тактда тўртта чорак нота бўлади. 3/4 ўлчови эса ҳар бир зарб чорак нотага мос келишини ва ҳар бир тактда 3 та зарб борлигини англатади ва ҳоказо. Қуйидаги жадвалда энг кенг тарқалган ўлчов турлари билан танишишингиз мумкин.

Оддий ўлчовлар
Ўлчов
Одатда қўлланилиши
4/4 Замонавий ғарб мусиқасида энг кенг қўлланиладиган ўлчов. Рок, блюз, кантри, фанк ва поп жанрларида энг кўп учрайди.
2/2 Марш ва илдам оркестр мусиқасида қўлланилади, мюзиклларда кўп учрайди.
2/4 Полька ва галоп рақсларида ҳамда маршларда қўлланилади.
3/4 Вальс, менуэт, скерцо, полонез, мазурка рақсларида, кантри ва вестерн жанрларидаги балладаларда, R&B жанрида, баъзан поп мусиқада учрайди.
3/8 Юқорида кўрсатилган жанрларда учрайди, 3/4 ўлчамидан тезроқ темпга эгалиги билан фарқ қилади.
Мураккаб ўлчовлар
Ўлчов
Одатда қўлланилиши
6/8 Жига, тарантелла рақсларида, маршларда, баркарола қўшиқларида ва баъзан рок мусиқада учрайди.
9/8 Жига рақсларида учрайди; умуман олганда, кенг қўлланилмайди.
12/8 Секинроқ блюз куйларда ва айрим жига рақсларида учрайди; кейинги пайтда рок мусиқада учрай бошлади.

7. Метр ва ритм

Ҳар бир такт ичида ҳиссаларнинг айримлари зарб билан, айримлари эса кучсизроқ чалинади. Зарб тушадиган ҳисса кучли ҳисса, зарб тушмайдиган ҳисса эса кучсиз ҳисса дейилади. Мусиқа давомида кучли ва кучсиз ҳиссаларнинг муайян тартибда такрорланишига эса метр дейилади

Метрга жуда яқин, аммо пировардида бошқа маънога эга тушунча ритм тушунчасидир. Ритмни мусиқада товушларнинг муайян ритмик шакллар асосида алмашиниши, дея таърифлаш мумкин. Содда қилиб айтганда, метр қайси ҳиссалар кучли, қайсилари кучсиз эканлигидан келиб чиқиб, ашуланинг умумий характерини белгилайди. Ритм эса турли чўзимга эга ноталар гуруҳларидир. Ритм конкрет тушунча бўлиб, асарда ноталар чўзими орқали ифодаланади. Метр эса абстракт бўлиб, нота ёзувида кўрсатилмаслиги мумкин.

Кенг маънода ритм бирор жараённинг муайян тартибда такрорланишини англатади. Мусиқада ритм катта аҳамият касб этади. Она қорнидаги чақалоқ онаси юраги уриши ритмини тинглайди, миямиз бир маромда такрорланадиган товушларни яхши қабул қилади. Айнан шунинг учун аксар поп мусиқа миямизда тўғри, жисмоний реакция келтириб чиқаради: биз асар ритмига оёғимизни тапиллатгимиз, қарсак чалгимиз, ёки рақсга тушгимиз келади.

Гитарада аккордлар ёрдамида ашула ижро қилганимизда гитара бир вақтнинг ўзида икки вазифани бажаради: ўнг қўл билан ижро этилган зарб ашуланинг ритмини белгилайди, муайян кетма-кетликда чалинган аккордлар зинаси эса куй мелодиясини ифодалайди

Шу ўринда темп тушунчасига тўхталиб ўтсак. Темп мусиқа асарини ижро этиш суратини англатади. Темпни одатда вазмин, ўрта ва тез каби гуруҳларга бўлиш мумкин. Классик мусиқада темпларнинг итальянча номлари қўлланилади. Табиийки, уларни ёдлаш шарт эмас. Ашула темпини бошдан-оёқ ўзгартирмай чалиш учун тажриба керак. Шунинг учун ҳам бошланғич ўрганувчиларга темпни белгилаш ва ўлчаш учун қўлланиладиган махсус асбоб – метроном ишлатиш тавсия қилинади. Бугунги кунда мобил мосламалар учун метрономлар ишлаб чиқарилган бўлиб, уларнинг айримларига бўлган ҳаволаларни Фойдали линклар саҳифасида топасиз.

8. Интерваллар

Икки товушнинг паст-баландлик жиҳатидан ўзаро нисбати интервал деб аталади. Икки товуш паст-баландлиги ўртасидаги фарқни турли талқин қилиш мумкин:

  • Ноталар ўртасидаги фарқ: масалан, C (до) нотаси билан Д (ре) нотаси ўртасидаги фарқ.
  • Тонлар ўртасидаги фарқ: C (до) билан D (ре) ўртасида бир бутун тон фарқ бор. C (до) билан C# (до-диез) ёки D♭ (ре-бемоль) ўртасида эса ярим тон фарқ бор.
  • Пардалар ўртасидаги фарқ: C (до) билан D (ре) ўртасида 2 парда фарқ бор. Масалан стандарт созланган гитарада 2-торнинг 1- пардаси C (до), 3-пардаси эса D (ре) дир.
  • Интервал: C (до) билан D (ре) ўртасидаги масофани катта секунда (инглизча major second) интервали деб аташ мумкин.

Мусиқа назариясида интервал номлари ёрдамида ноталар паст-баландлиги ўртасидаги фарқ ифодаланади. Мусиқачилар орасида универсал атамалар қўлланилади. Интервалларни мукаммал ўрганиб олиш аккорд, гамма, импровизация ва бошқа тушунчаларни ўзлаштиришда қўл келади.

Бирин-кетин эшитилган икки товуш оралиғи мелодик интервал, бир вақтда эшитилган икки товуш оралиғи эса гармоник интервал деб аталади. Интервалнинг пастки товуши унинг асоси деб аталади. Юқори товуши эса унинг чўққиси дейилади

Бир октава оралиғидан ошмайдиган интерваллар оддий интерваллар дейилади. 8 та оддий интервал номи мавжуд бўлиб, бу товушқатордаги товушлар сонига мос келади. Булар қуйидагилардир: 

прима – 1
секунда – 2
терция – 3
кварта – 4
квинта – 5
секста – 6
септима – 7
октава – 8

Оралиғи октавадан катта бўлган интерваллар таркибли интерваллар деб номланади. Уларни билишингиз шарт эмас. Шундай бўлсада, уларнинг номларини ёзиб қолдираман:
нона – 9
децима – 10
ундецима – 11
дуодецима – 12
тердецима – 13
квартдецима – 14
квинтдецима – 15

Юқоридаги интервал номлари катта (инглизча major), кичик (инглизча minor), орттирилган (инглизча augemented), камайтирилган (инглизча diminished) ва соф (инглизча perfect) каби турларга бўлинади. Қуйидаги жадвалда барча интервал турлари билан танишишингиз мумкин

Интервал номи Қисқача белгиси Инглизча номи Инглизча қисқартма Тонлар миқдори Пардалар орасидаги масофа Аудио
(аввал мелодик, кейин гармоник чалинган)
Соф прима (Унисон) соф 1 Unison U 0 (айни нота) 0
Кичик секунда кич 2 Minor second m2 0,5 (ярим тон) 1
Катта секунда кат 2 Major second M2 1 (бутун тон) 2
Кичик терция кич 3 Minor third m3 1,5 (бутун тон + ярим тон) 3
Катта терция кат3 Major third M3 2 (бутун тон + бутун тон) 4
Соф кварта соф 4 Perfect fourth P4 2,5 (2 бутун тон + ярим тон) 5
Орттирилган кварта
Камайтирилган квинта (Тритон)
орт 4
кам 5
три
Augmented fourth
Diminished fifth
(Tritone)
A4
D5
(TT)
3 (3 бутун тон) 6
Соф квинта соф 5 Perfect fifth P5 3,5 (3 бутун тон + ярим тон) 7
Кичик секста кич 6 Minor sixth m6 4 (4 бутун тон) 8
Катта секста кат 6 Major sixth M6 4,5 (4 бутун тон + ярим рон) 9
Кичик септима кич 7 Minor seventh m7 5 (5 бутун тон) 10
Катта септима кат 7 Major seventh M7 5,5 (5 бутун тон + ярим тон) 11
Соф октава соф 8 Octave Oct 6 (6 бутун тон – айни нота номи) 12

Шу ўринда интервалларнинг айланиши тушунчасига тўхталиб ўтсак. Интервал асосининг бир октавага кўтарилиши ёки интервал чўққисининг бир октава пастга туширилишига интервал айланиши дейилади. Масалан, C (до) мажор гаммасининг катта терция (M3) интервалини олайлик. Бу интервал C (до) ва E (ми) ноталаридан иборат: C – D – E – F – G – A – B – C (до – ре – ми – фа – соль – ля – си – до). Агар C (до) ни олиб, бир октавага кўтарсак, E (ми) кичик секста (m6) интервали ҳосил бўлади (C – D – E – F – G – A – B – C (до – ре – ми – фа – соль – ля – си – до)). Бунга E (ми) минор гаммасини ёзиш орқали амин бўлиш мумкин: E – F# – G – A – B – C – D – E (ми – фа# – соль – ля – си – до – ре – ми). Янги интервал ҳам C (до) ва E (ми) ноталаридан иборат, аммо уларнинг кетма-кетлиги ва баландлиги бошқа. Шу сабаб бу икки интервал бошқа-бошқа товушга эга. Қуйидаги жадвалда барча интервал айланалари келтирилган