1. Тоналлик нима?
Бу саҳифада тоналлик тушунчасини кўриб чиқамиз. Тоналликни асар баландлиги, дея таърифлаш мумкин. Худди ноталар каби 7 та тоналлик бор. Диез (#) ҳамда бемоль (♭) ноталар билан эса 12 та тоналлик бор
Ҳар қандай ашула бирор тоналликда ёзилган. Қўшиқ тоналлиги одатда ундаги охирги аккордга ёки нотага мос келади. Одатда ҳар бир асар асосий нота билан бошланиб, ўша нота билан тугайди, чунки асардаги бошқа ноталар асосий нотага «интилади»
Ҳар бир тоналликнинг «асосий» тоник нотаси ва аккорди бўлади. Уни тоника деб аташади. Асардаги бошқа нота ва аккордлар мазкур асосий аккордга бўйсунади. Шундай экан, тоналликни битта асосий нотага бўйсунувчи аккорд ва ноталар бирлиги, дея таърифлаш мумкин.
Мусиқа асари қайси тоналликда эканлигини аниқлаш учун ишлатилган гамма турини ҳамда тоникани аниқлаш керак. Масалан, гамма мажорли бўлса ва унинг тоникаси C (до) бўлса, асарнинг тоналлиги C (до) мажор бўлади; гамма — минор, унинг тоникаси — A (ля) бўлса, изланган тоналлик A (ля) минордир
Манбаларда мажор dur, минор moll деб номланганини учратиш мумкин. Бу шунчаки гаммаларнинг немисча номланишидир. Ҳарфий белгилаш тизимида кўп ҳолатларда мажор тоналликлари катта ҳарф билан, минор тоналликлари эса кичик ҳарф билан ёзилади
Ҳар бир тоналликнинг асосий аккорди тоналликнинг I поғонасидан иборат бўлади. Асосий аккорд тоналликка ўхшаш бўлади. Масалан, C (до) мажор тоналлигининг асосий аккорди C (до) мажор аккордидир. C (до) мажор тоналлиги асар мажор гамманинг C (до) товушидан, E (ми) минор тоналлиги эса асар минор гамманинг E (ми) товушидан бошланишини англатади.
Тоналлик бирор қўшиқда чалинган аккордларни аниқлашни осонлаштиради. Чунки ҳар бир тоналликнинг унга «кирувчи» ва «кирмайдиган» аккордлари бўлади. Қолаверса, тоналлик турли асбобларни чаладиган мусиқачилар бир-бирини тушунишини осонлаштиради. Масалан, гитарачи клавишли чолғу ижрочисига C (до) мажор тоналлигида I – V – vi – IV поғоналардаги аккордларни чаламиз, деса, ижрочи C (до) мажор гаммасининг C – G – Am – F аккордларини чалиш кераклигини дарров тушунади. Гаммалар ҳамда уларга тегишли аккордлар кетма-кетликлари ҳақида мос равишда Гаммалар ҳамда Аккорд зиналари саҳифаларида батафсил маълумот берилган.
2. Транспозиция
Мусиқий асар тоналлигини ўзгартириш транспозиция деб аталади. Қўшиқ тоналлигини ўзгартириш унинг баландлигини ўзгартиришдир. Тоналликни юқорига ёки пастга ўзгартириш мумкин. Тоналликни ўзгартириш жуда осон: бунинг учун асардаги ҳар бир нотани бир хил қадам пастга ёки юқорига силжитиш керак.
Гитарада асар тоналлигини ўзгартириш жуда осон. Бунинг учун аккордларни тегишли йўналишда бир хил силжитиш керак. Табиийки, тоналлик ўзгарганда нафақат аккордлар, балки мелодия ва соло ҳам мос равишда ўзгартирилади. Каподастр эса аккорд шаклини ўзгартирмасдан асар тоналлигини ўзгартириш имконини беради.
Гитарада бирор асарни муайян тоналликда куйлаш сиз учун мушкул бўлса, унинг баландлигини ўзингизга қулай бўлган тоналликка ўзгартиришингиз мумкин. Масалан, қуйидаги видеода бир ашуланинг уч хил тоналликдаги версияси ҳақида сўз юритилади.
Асар давомида ҳам унинг тоналлиги ўзгариши мумкин. Асар янги тоналликка ўтиб, ўша тоналликда якунланса, бу ҳолат модуляция дейилади. Агар асар янги тоналликка ўтиб, аммо дастлабки тоналликка қайтса, бу ҳолат оғишма дейилади.
Ҳозирги кунда ашула тоналлигини осонликча ўзгартириш имконини берувчи дастур ва иловалар яратилган. Уларнинг айримларига бўлган линкларни Фойдали линклар саҳифасида топасиз. Аммо шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай созанда мустақил равишда асар тоналлигини ўзгартира олиши керак.
3. Параллель ва номдош тоналликлар
Параллель тоналликлар
Ҳар бир тоналликнинг ўзига параллель бўлган тоналлиги мавжуд. Унда айнан шу ноталар, лекин бошқа тоника бўлади. Масалан, C (до мажор) тоналлигининг параллель тоналлиги Am (ля минор) тоналлигидир. Am (ля минор) учун эса C (до мажор) параллель тоналлик бўлади. Параллель тоналликларнинг муҳим жиҳати – уларда альтерация белгилари (яъни, диез ва бемоллар) сони бир хил бўлади.
Номдош тоналликлар
Бир хил тоникага эга тоналликлар номдош ёки «шерик» тоналликлар деб аталади. Масалан, A (ля мажор) ҳамда Am (ля минор) тоналликларини номдош тоналликлар деб аташ мумкин. Бир қўшиқда номдош тоналликларнинг аккордлари ишлатилиши мумкин. Бунга Аккорд зиналари саҳифасида кўплаб мисол келтирилган.
Шу ўринда айтиш жоизки, инглиз тилида параллель тоналликлар relative keys деб номланади. Инглиз тилида parallel keys атамаси номдош тоналликлар учун ишлатилади. Яъни, инглизча манбаларда C (до мажор) тоналлиги ҳамда Am (ля минор) тоналлиги relative тоналликлар бўлиб, C (до мажор) тоналлиги ҳамда Cm (до минор) тоналликлари parallel тоналликлардир
Тоналлик ва гамма тушунчалари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, тоналлик асар баландлигини, гамма эса ўша баландликда чалиш мумкин бўлган муайян нота ва аккордлар тўпламини англатади. Параллель гаммалар ва параллель тоналлик ҳамда номдош гаммалар ва номдош тоналлик ҳақида Гаммалар саҳифасида атрофлича маълумот берилган.
Квинта давраси
Параллель тоналликларни тоналликларнинг квинта давраси (инглизча circle of fifths) ёрдамида ўрганиш мумкин. Тоналликларнинг квинта бўйича жойлашуви давраси икки вазифани бажаради: унда параллель мажор ва минор тоналликларни ҳамда ҳар бир мажор ва минор тоналликдаги альтерация белгилари (диез ва бемоль) сонини кўриб олиш мумкин.
Мажор ва минор тоналликлар улардаги альтерация белгилари сони ошиб бориши тартибида C (до мажор) дан ўнг томонга диезли тоналликлар, чап томонга – бемолли тоналликлар тартибида терилса, тоналликларнинг квинта бўйича жойлашишини ҳосил қиламиз. Масалан, C (до) дан G (соль) гача масофа квинтага (5 та поғона, яъни 3,5 тон) тенг, G (соль) дан D (ре) гача масофа квинтага тенг ва ҳоказо.
Қуйидаги расмда ушбу ҳолат яққол кўрсатилган. Расмда параллель тоналликларни кўриб олиш мумкин: C (до мажор) тоналлиги учун Am (ля минор) тоналлиги параллель тоналлик, G (соль мажор учун) e, яъни Em (ми минор) параллель тоналлик ва ҳоказо. Расмда, шунингдек, ҳар бир тоналликдаги альтерация белгилари сони кўрсатилган: C (до мажор) ва a, яъни Am (ля минор) тоналликларида альтерация белгилари умуман йўқ, G (соль мажор) ва e, яъни Em (ми минор) тоналлигида битта диез бор ва ҳоказо.
4. Тоналликлар ва аккорд зиналари
Тоналликлар ва уларга кирадиган аккордларни билиш жуда муҳимдир. Тоналликка тегишли аккордлар гамма, яъни муайян товушларнинг кетма-кет жойлашуви асосида аниқланади. Тоналлик ва гамма тушунчалари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, тоналлик асар баландлигини, гамма эса ўша баландликда чалиш мумкин бўлган муайян нота ва аккордлар тўпламини англатади.
Тоналликларга кирадиган асосий аккордлар келтирилган жадваллар тузилган. Уларни ёдлаш шарт эмас. Бунинг ўрнига гаммалар ҳамда гаммалар асосида аккорд кетма-кетликларини тузишни ўрганиш керак. Бу мавзулар мос равишда Гаммалар ҳамда Аккорд зиналари саҳифаларида атрофлича ёритилган.