Хуш келибсиз!
Гитара чалишга бағишланган илк ва ҳозирча ягона ўзбекча сайтга хуш келибсиз! Сайт ёрдамида гитара чалишни нолдан бошлашингиз мумкин. Бундан ташқари, сайт саҳифаларида етук гитарачилар учун ҳам қизиқарли ва фойдали маълумотлар берилган. Сайт саҳифалари билан ўзингизга қулай тартибда танишиб чиқишингиз мумкин.
Сайт ҳақида
Гитара чалишни ўрганиш ҳамда чалиш маҳоратини ошириш иштиёқида юрганлар учун мўлжалланган ушбу сайтни кўпчиликнинг илтимоси билан 2016 йил йўлга қўйдим. Сайт айни дамда 25 дан ошиқ ўзбекча ашуланинг тўлиқ табулатураси, 50 та ўзбекча ашулани ижро этиш бўйича видеодарс, 50 дан ошиқ аккорд диаграммаси ва ўнлаб фойдали линкни ўзида жамлаган. Сайт саҳифаларида нота ёзувидан тортиб, то чалиш техникасига қадар мавзулар атрофлича ёритилган.
Ушбу сайтни тайёрлашда шахсий тажрибам, Интернет сайтлар, бир неча китоб ва қўлланма, хусусан, Ник Фритнинг Learn to Play the Guitar: A Step-by-Step Guide (2004), Жонатан Адамснинг Getting into Fingerstyle Guitar (2011) ҳамда Колин Макаллистернинг Learning to Play Guitar: Chords, Scales, and Solos (2017) асарларига таяндим. Мусиқий атамаларни ўзбек тилига таржима қилишда эса Абдусамад Илёсовнинг «Дутор ўрганиш китоби» (1966), Қобилжон Усмоновнинг «Бошланғич рубоб дарслиги» (1975) ҳамда Қадамбой Раҳимовнинг «Мусиқанинг элементар назарияси» (2007) китобларидан фойдаландим.
Ҳамроҳ YouTube канал
Гитара менинг энг севимли чолғу асбобларимдан биридир. Шунинг учун бўлса керак, 2012 йил YouTube каналимга ўзбекча қўшиқларни гитарада ижро этиш кўрсатилган видеодарсларни юклай бошладим. Менинг YouTube каналим гитара чалишга бағишланган илк ўзбек тилидаги каналдир. Каналимда ўзбекча қўшиқларни ижро этиш бўйича видеодарсларни, турли қўшиқларнинг кавер версияларини ҳамда бошқа қизиқарли видеоларни топасиз